Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишлари кечиктирилади
(last modified Thu, 16 Apr 2020 19:59:28 GMT )
апрел 17, 2020 00:59 Asia/Tashkent
  • Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишлари кечиктирилади

Дин ишлари бўйича қўмитага Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарлик ишларини кечиктириб туриш бўйича расмий мурожаат келди. Қўмита мурожаат юзасидан расмий баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, Саудия Арабистони Подшоҳлигида коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ҳукуматни кескин чоралар кўришга ундагани, шу муносабат билан дунёнинг турли мамлакатларидан Умра амалини адо этиш учун ташриф буюрадиган зиёратчиларнинг мамлакат ҳудудига кириши вақтинчалик тўхтатилгани, ҳозирча Ҳаж-2020 ташкилий ишларини амалга ошириш бўйича кутиб туриш мақсадга мувофиқ экани маълум қилинди.

Шунингдек, ҳозирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг тавсияларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш учун юқори даражадаги эҳтиёткорлик чоралари қўлланилаётгани, икки муқаддас Ҳарамда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, профилактика ишлари кучайтирилди.

Шу муносабат билан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятининг қарори асосида “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирларини вақтинча тўхтатиб туриш ва вазият барқарорлашишини кутиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Расмий мурожаатда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мазкур жараён билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитани қўшимча хабардор қилиши маълум қилинган.

Дин ишлар бўйчиа қўмита жорий йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган ватандошларимизга агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, жорий йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолиши ҳамда кейинги йилга ўтказилишини таъкидлади.

Sof.uz