Коронавирусдан яна бир киши вафот этди, беморлар сони эса 1490 нафарга етди
Шу йилнинг 7 апрель куни пойтахтлик, 77 ёшли (аёл) А. сурункали бронхит, ўнг ўпка ателектази, гипертония касаллиги билан карантинга олинган эди. Зудлик билан ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.
Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган.
Бироқ вирусолог, пульмонолог, терапевт, кардиолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ушбу инфекция асоратлари: икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан вафот этди.
Шунингдек, 2020 йил 18 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1490 нафарга етди.