Шошилинч! Сардоба сув омборидан сув тошди. 10 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди
2020 йил 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.
Бунда, асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди. Қайд этиш жоиз, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, "Қўрғонтепа", "Дўстлик", "Юртдош" МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош”, “Ота юрт”, “Бирлик” МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.
Айни вақтда Оқолтин тумани “Абдуалим” МФЙ аҳолисини Сардобага эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Воқеа жойига республика ҳукумати раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.
Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.