Бош Прокуратура: Сардоба иши бўйича 170 дан ошиқ шахслар сўроқ қилинди
Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов “Сардоба” сув омбори фожиаси юзасидан қўзғатилган ва ДХХ томонидан олиб борилаётган жиноят иши юзасидан дастлабки маълумотларни берди.
Жиноят иши доирасида фожиа сабаби юзасидан асосий 4 та тергов версияси бўйича тергов олиб борилмоқда:
1. Лойиҳалашдаги хатоликлар;2. Қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;3. Эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;4. Табиий офат.
Ҳозирда 4 та версияни текшириш юзасидан тегишли экспертизалар, тафтиш ва текширишлар тайинланган.
— Ҳисоботларда акс эттирилган молиявий манбалар ҳақиқатда ишлатилганми?
— Бу саволга тезликда жалб этилган экспертлар гуруҳи жавоб излашяпти. Судга оид техникавий экспертиза тайинланган. Етказилган зарар миқдори аниқланмоқда. Тергов ишлари уч ойдан ошмаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Зарурат туғилганда 7 ойгача узайтирилади. 170 дан ошиқ шахслар сўроқ қилинди.
Айбдорлар аниқлангандан сўнг, тегишли тартибда уларга айб эълон қилинади ва жиноят иши судга кўриб чиқиш учун юборилади. Одил судловни фақат судлар амалга оширади. Бу қонун билан белгилаб берилган. Айбдор шахсларнинг ҳар бирига ҳуқуқий баҳо берилади.
Одамлар бирпасда ўзлари айбдорларни топиб, ижтимоий тармоқларда ҳукм ўқиб юборишади. Ҳар бир фуқаронинг айбсизлик презумпциясига кўра, ҳуқуқи кафолатланган.