Нутқ: Камилов Ўзбекистон ҳеч бир ҳарбий-сиёсий блокга қўшилмаслигини айтди
-
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеяси
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясининг 71-сессиясида қилган маърузасида ҳукумат бундан буён ҳам давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсатини сақлаб қолишини ва уни давом эттиришини айтиб, Ўзбекистон ҳеч бир ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслигини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. БМТ Бош Ассамблеянинг 23-сентябрдаги мажлисида нутқ сўзлаган Ўзбекистон Ташқи ишлар раҳбари Адбулазиз Камилов дастлаб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ҳамда халқаро ташкилотлар ва жаҳон ҳамжамиятига миннатдорчилик билдирган.
Абдулазиз Комилов, маърузасининг биринчи қисмида Ўзбекистоннинг бўлғуси ташқи сиёсатига оид фикрларни айтиб ўтган."Ўзбекистон мамлакатнинг асосий манфаатларини ҳимоя қилиш ва уни илгари суришга қаратилган ташқи сиёсатини сақлаб қолади ва уни давом эттиради. Ўзбекистон Республикаси президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев баёнот қилганидек, Ўзбекистон келгусида ҳам ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда барча хорижий мамлакатлар билан дўстона ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмайди", — деб таъкидлаган Камилов. У шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги қатъияти БМТ Низоми ва Республика Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган халқаро ҳуқуқ меъёрларининг асосий қоидалари, биринчи президент вақтида зиммасига олган халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларига оғишмай амал қилишни тақозо этишини таъкидлаган.
"Ўзбекистон шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ҳамда вужудга келган барча зиддият ва можароларни тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш тарафдоридир. Мамлакатимиз ҳарбий-сиёсий блок ва альянсларга қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, қуролли кучларимизни мамлакат ҳудудидан ташқарига сафарбар этмаслик қоидаларини принципиал ва ягона танлов сифатида қабул қилган. Масалага шундай ёндашув, биз учун энг тўғри қарор деб ҳисоблаймиз", — деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, шу ой ўрталарида Бишкекда бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлат раҳбарлари саммитида ҳам Ўзбекистон Президенти в.б. Шавкат Мирзиёевнинг ўрнида Абдулазиз Камилов иштирок этган эди.