Сардоба бўйича кимлар ҳибсга олинди?
(last modified Sat, 23 May 2020 10:32:04 GMT )
май 23, 2020 15:32 Asia/Tashkent
  • Сардоба бўйича кимлар ҳибсга олинди?

Сардоба сув омбори ўпирилиши юзасидан ҳозиргача икки киши ҳибсга олинган.

Бу борада хабар берган Бош прокуратура шахсларни гумонланувчи деб атаган ва эҳтиёт шарт ўлароқ уларнинг ҳибсга олинганини урғулаган.

Расмийлар тергов ҳаракатларига таъсир қилмаслигини учун ҳибсга олинган шахсларнинг шахси очиқланмаслигини урғулаган.

Гумонланган ким: қурганми ё ишлатган?

Аммо "Озодлик" радиоси ўз вебсаҳифасида асосан Сардоба иши сув омбори эксплуатацияси билан шуғулланувчи ва ҳали бир йилча олдин ишга тайинланган мулозим - сув омбори директори ҳибсга олинган деб ёзмоқда.

"Озодлик" ўз тасарруфига келиб тушган ДХХ хабарномаси деб чоп этган ҳужжат 2020 йил 19 май кунида битилган.

Унда Сардоба сув омборидан фойдаланиш ва ривожлантириш раҳбари Ф.Д исмли шахс Ўзбекистон ЖК 207-моддасига оид банд билан гумонланиб ҳибсга олингани тушунилади.

Бироқ Ўзбекистон расмий идоралари ушбу хабарга оид масалада изоҳ беришгани йўқ.

Бош прокуратура хабарида эслатилган иккинчи гумонланувчининг на шахси, на мансаби ҳеч жойда келтирилмаган.

Олдинроқ Сардоба иши бўйича 170 нафардан кўпроқ  шахс сўроқ қилинаётгани билдирилганди.

"Озодлик"нинг ёзишича, уларга хабарномани тақдим этган мулозим, айнан сув омбори қурилиши эмас, балки яқиндан бошлаб унинг ишлатилиши учун масъул бўлган шахснинг ҳибсга олиниши иш қаёққа қараб кетаётганига ишора қилишини билдирган.

Сардоба фожиаси

Ўзбекистонда қурилган энг янги ва сўнгги улкан иншоотлардан бири бўлмиш Сардоба сув омбори тўғони девори 1 май куни ўпирилган.

Расман камида 6 инсон ҳалок бўлган, минглаб уй-жойлар ё вайронага айланган, ё зарар кўрганди.

Ўзбекистон ушбу Сардоба иши бўйича жиноят иши очган.

Расмийларга кўра, текширувларда фожианинг келиб чиқиши асосан тўрт сабабга боғлаб ўрганилмоқда:

  • Лойиҳалаш жараёнида йўл қўйилган хатолар;
  • Қурилиш меъёрлари ва андазаларига риоя қилмаслик;
  • Сув омборидан фойдаланиш (эксплуатация) жараёнидаги хатоликлар;
  • Табиий офат.

Президент Мирзиёев ушбу фоижани ура-урачилик оқибати, деб атаган ва барча айбдорлар, ким бўлишидан қатъий назар, жазоланишини айтганди.

Бироқ Ўзбекистон ижтимоий тармоқларидаги фикрларга қараганда, кўпчилик Сардоба фожиасининг асил айбдорлари жазоланишига ишончсизлик билдирмоқда.