«Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» илк уч томонлама мажлиси ўтказилди
Кеча видеоконференцалоқа шаклида «Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» биринчи уч томонлама мажлиси бўлиб ўтди
«Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси, Покистон денгиз портларига чиқиш имконини берувчи «Мозори-Шариф – Кобул», «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўллари қурилиши каби муҳим лойиҳаларни жадал татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Девид Ҳейл ва Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар иштирокида ўтди.
Ўзбекистон ТИВ га таяниб Кун сайтининг хабарига кўра, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари «Ўзбекистон - АҚШ - Афғонистон» уч томонлама шакли Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш, шунингдек, уни минтақавий иқтисодий жараёнларга фаол жалб этишга қаратилган амалий таклифларни тайёрлаш бўйича долзарб маслаҳатлашув механизми эканлигини қайд этдилар.
Томонлар Афғонистон инклюзив ҳукуматини шакллантириш ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги жорий йил 17 майда имзоланган сиёсий битим тузилишини, Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати томонидан маҳбусларни озод қилиш амалиётини давом эттирилишини юқори баҳоладилар.