Ўзбекистонда коронавирусга мубтало бўлганларнинг умумий сони 3513 нафарга етди
Ўзбекистонда 2020 йил 30 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 25 кишига кўпайиб, 3513 нафарни ташкил этганини мамлакат Соғоиқни сақлаш вазирлиги хабар қилган.
Дарё сайтига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 2 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари эса Наманган вилоятидан — жами 8 нафар аҳоли орасида қайд этилган. Шунингдек, карантин марказидаги фуқаролар орасидан 13 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 27 май куни 2 нафар Россиядан, 28 май куни 1 нафар Қозоғистон ва яна 1 нафари Сирдарё вилоятиги «Гулистон» чегара пости орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида тасдиқланган.
Маълумот учун, шу кунгача беморларнинг 2728 нафари соғайган, реабилитацияга кузатилган, 771 нафар бемор даволанишда қолмоқда. Улардан 7 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Мамлакатда ҳозирга қадар 14 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.