Сўхликлар бош вазир олдида Ғаниевнинг ҳокимликдан кетишини талаб қилишди (видео)
Аввал хабар қилганимиздек, 1 июнь куни Бош вазир Абдулла Арипов Фарғона вилояти Сўх туманида аҳоли билан очиқ мулоқот ўтказди.
Жамоатчилик фаоллари Қирғизистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ўтишда юзага келадиган қийинчиликлардан шикоят қилган учрашув видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, сўзга чиққанлардан бири фарзанди ўз вақтида қўшни мамлакат вакилларининг таҳдидидан сўнг реанимацияга тушгани, бошқаларнинг болаларини қамаб қўяётганини, хавфсиз коридорсиз Ўзбекистонга ўтиш имконсиз бўлиб қолганини, баён қилиб: «Илтимос, мана шунча халққа раҳмингиз келсин», деб бош вазирга мурожаат қилган.
Бунга жавобан бош вазир Абдулла Арипов: «Ҳожи ака, бундан кейин бундай бўлмайди», — дея Фарғона вилояти ҳоким Шуҳрат Ғаниевга мурожаат қилмоқчи бўлган. Шунда учрашувга келган сўхликлар бақир-чақир билан кескин норозилик билдирган.
Шундан сўнг бош вазир аҳолини тинчлантиришга уринган, маҳаллий фаоллардан бири эса йиғилганларга тожик тилида мурожаат қилиб, тартибни сақлашга чақирган.
Учрашувда яна бир сўхлик фаол вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг фаолиятидан норозилик билдирган.
Бош вазир билан учрашувда сўзга чиққан маҳаллий фаол: «Халқ Ғаниев керак эмас, деяпти», — деганидан сўнг, учрашувга келган бошқа кўплаб одамлар ҳайқириқлар билан унинг бу сўзларни олқишлаган. Шундан сўнг нутқ сўзлаётган фаол бундай талаб сабабини изоҳлаган.
«Нима учун, биласизми? Халқ Ғаниевни ҳурмат қиларди. Ғаниев мана бу ерга келиб, керак бўлса Сўхни харитадан ўчиртириб ташлайманʼ, дебди... Тожикистон билан Қирғизистонга бераман, дебди», — деган маҳаллий фаол. Унинг бу сўзларини аҳоли вакиллари қўллаб-қувватлаган.