Гулнора Каримованинг жиноий йўл билан орттирган маблағлари бюджетга ўтказилмоқда!!!
(last modified Tue, 16 Jun 2020 05:35:52 GMT )
июн 16, 2020 10:35 Asia/Tashkent
  • Гулнора Каримованинг жиноий йўл билан орттирган маблағлари бюджетга ўтказилмоқда!!!

Ўзбекистон собиқ президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи -Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.

Дарё сайтининг хабар қилишича, Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева 15 июнь куни ўтказилган брифингда мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда денб айтди.

Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилган.

Жумладан, Ўзбекистонга қайтарилган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик даъвоси бўйича Париж шаҳри судининг 2019 йил 29 июндаги қарори ижроси доирасида мусодара қилинган Париж шаҳри Маршал Манури кўчасидаги Тriplex турар жой мажмуасида жойлашган кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган.

«Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади. Жумладан, Франциядан қайтарилган маблағлар сарф қилиниши режалаштирилган ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида шаффоф маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам ва даврий тақдим қилиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг мутасадди вакилининг чиқишида батафсил тўхталиб ўтилади», — дейди Севара Ўринбоева.