Депутатлар Ички ишлар вазири истеъфоси ва умуман вазирликни тугатишни сўраяпти
Андижонлик Алижон Абдукаримов Ички ишлар идорасида еган калтаклари зарбидан ўлишига депутатлар ва ижтимоий тармоқдагилар кескин муносабат билдирмоқда. Аввалига депутат Расул Кушербаев вазир Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилди, кейин "Адолат" партиясидан депутат Гулруҳ Агзамова Ички ишлар вазирлигини тугатиш таклифини билдирди.
BBC.UZBEK: Ижтимоий тармоқларда бир йилда ходимлари томонидан икки фуқаронинг уриб ўлдирилишга йўл қўйган Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфоси талаб қилиниши ортидан масалага депутатлар ҳам ўз муносабатини билдира бошлади.
Расмий хабарда айтилишича, Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармасининг 3 тезкор ходими 29 майдан 30 май тонгги соат олтигача 44 ёшли Алижон Абдукаримовни дўппослаган ва руҳий босим ўтказган.
Қийноқлар зарбидан комага тушиб қолган 3 фарзанднинг отаси 11 июнь куни шифохонада вафот этган.
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг маълум қилишича, орган ходимларининг фуқарога нисбатан жиноят содир қилишига қимматбаҳо тош сабаб бўлган.
"Андижон шаҳар Ички ишлар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими тезкор вакили Э. Райимжонов ҳамкасблари Ф. Хусанбоев ва Қ.Қодировлар билан бирга фуқаро А.Сотволдиевнинг қимматбаҳо тошини олиб, қайтариб бермаётган Алижон Абдукаримовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ёзган аризаси юзасидан ўзбошимчалик билан текширув олиб боришган", деган сенатор Бурхонов.
Андижондаги қотилликдан сўнг Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов ишдан олинди.
Бироқ фикр ижтимоий тармоқдагилар шаҳар бошлиғининг ишдан олиниши тизимдаги муаммоларга ечим эмаслигини айтмоқда.
Ички ишлар идоралари деворлари ортида оддий фуқароларнинг уриб ўлдирилиши илк маротаба учраётгани йўқ.
Шу йилнинг ҳисобидан Андижондаги ҳолат жамоатчиликка ошкор бўлган иккинчи ҳодисадир.
2020 йил 22 январь куни Чироқчи тумани ички ишлар органи ходимлари 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновни уриб ўлдириб қўйган эди.
Ижтимоий тармоқдагилар тизимдаги зўравонликка барҳам беролмаётган ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов истеъфо бериши ва вазирлик қайтадан ташкил қилиниши кераклигини айтмоқда.
«Пўлат Бобожоновда озгина ор-номус борми? Шу одамда виждон борми? Қўл остида шунча зулмлар бўляпти, қандай уялмасдан ишлаяпти. Нега истеъфо бермайди. Мен Андижон ва Қашқадарёдаги ўлимларга Пўлат Бобожонов буйруқ берди, демайман. Лекин қўл остидагиларни назорат қилмаса, бу одамнинг нима кераги бор», дейди Акмал Андижоний.
Нурбек Абдурахимов исмли Facebook фойдаланувчиси милицияни қайта шакллантириш кераклигини айтади.
«Милицияни расформироват килиб ташаш керак,вообще бир тийинга киммат структура.Хамма жиноятчилар шу ерга тўпланган. Халкни назар-писанд килишмиди улар, халкни химоя килувчи эмас, жазоловчи орган у», дейди у.
«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташанов муаммо тизимда эмас, тузумда эканлигини айтиб чиқди.
«2009 йилда бир гуруҳ милиция ходимлари опа-сингил Соатоваларни изоляторда зўрлашди. Мазкур ишдаги терговчи ҳозирда ИИВнинг энг муҳим бошқармаларидан бирига раҳбарликка тайинланди. Қашқадарёда бир туманнинг ўзида 2 йигитни уриб ўлдирганлар ҳозир ҳам ишлаб юрибди. Қарши шаҳрида гумондорнинг к..тига дубинка тиққанлар ҳам озодликда», дейди Ташанов.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси масаланинг ечими аввало вазиятга аниқ баҳо бериш ва унга тўғри ташхис қўйишдан, касалликни тан олишдан бошланишини таъкидлаган.
«Менимча, ташхис — муаммо тизимда эмас, тузумдадир. Чунки тузум адолатли бўлганида бундай шармандали тизимни аллақачон сиқиб чиқарган бўларди», дейди у.
Ижтимоий тармоқдаги талаблар ортидан вазирнинг истеъфосини депутат Расул Кушербаев ҳам сўради.
«Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрсатаяпти», деб ёзди у.
Олий мажлис депутати ҳажвчиларни ижоди учун мажбурлаб кечирим сўраттираётган вазирлик одам ўлдириб қўйса ҳам кечирим сўрамаганига эътибор қаратди.
"Энг қизиғи тизимга нисбатан ижодий пародия қилган ижодкорларни ҳам кечирим сўраттириш даражасига етиб келган «фаришта» тизим раҳбарияти ўз ходимлари қонунбузилишининг оғир кўринишларига йўл қўйганда ҳам хокисор халқ олдида ҳеч бўлмаса бир бор кечирим сўрамаса", дейди Кушербаев.
Олий мажлиснинг яна бир депутати, "Адолат" СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Агзамова вазирнинг истеъфоси масалага ечим эмаслигини айтиб чиқди.
"Баъзи ҳамкасбларим вазирнинг истеъфосини талаб қилмоқдалар. Бир кишининг истеъфоси билан ҳеч нарса ўзгармайди. Тизимда бир нафар бўлса ҳам "психологик бузилган" ходим бўлар экан, бу тузилма охир оқибат барибир таназзулга учрайди. Ўзику пароканда бўлса майли-куя, неча инсонлар ҳаётига зомин бўлиши кишини даҳшатга солади", дейди у.
Агзамова Ички ишлар органини ички организмга тенглаштирган ва у ишламаган ҳамда хиёнат қилган тақдирда уни юлиб ташлаш кераклигини таъкидлаган.

"Кўп ўйландим. Ички ишлар органи дегани бу бизнинг ички организмимиз, қўл билан ушлаб бўлмас, кўз илғамас виждонимиз, қалбимиз бўлиши керак. Лекин бу орган ишламаса, хиёнат қилса - мен бундай организмни вужудимдан юлиб ташлайман. Токи янги, ҳаётбахш тўқима пайдо бўлмас экан, нобуд бўлган ватандошимнинг аёли ва фарзандларининг кўзига тик қаролмайман", дейди депутат.
Финландияда истиқомат қилаётган фаол Акмал Андижоний Ички ишлар вазирлигини тарқатиб юбориш кераклигини айтади.
«Буни ҳеч қандай ўнглаб бўлмайди. Буни тарқатиб юбориш керак ва ўрнига қандайдир ташкилот тузиш керак. Ҳозирги Ички ишлар вазирлигини ҳеч қандай йўл билан ислоҳ қилиб бўлмайди. Буткул тугатиш керак», дейди Акмал Андижоний.
Би-би-си Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан вазир Бобожоновнинг истеъфоси юзасидан билдирилган фикрларга жавоб ололмади.