июн 28, 2020 19:04 Asia/Tashkent
  • Белгравия Лондоннинг энг қимматбаҳо уйлари жойлашган мавзеларидан биридир
    Белгравия Лондоннинг энг қимматбаҳо уйлари жойлашган мавзеларидан биридир

Британияда Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган 29 миллион долларлик кўчмас мулкларга ким расман эгалик қилишини аниқлаш учун британ прокурорлари Ўзбекистондаги турмага сафар қилишлари керак бўлиши мумкин. Бу ҳақида Bloomberg нашри хабар берди.

Британиянинг Жиддий фирибгарлик идораси (Serious Fraud Office - SFO) 2017 йилда коррупция гумонлари туфайли судда Гулнора Каримовага тегишли экани ишонилган қатор мулкларни музлатиб қўйишга муваффақ бўлганди.

Бу кўчмас мулклар сирасига Лондон ғарбидаги Аскот туманида жойлашган қиймати 18 миллион фунтлик (22,2 миллион доллар) сарой, Қироличанинг Букингем саройига яқин жойлашган 3,7 миллион фунтлик (4,5 миллион доллар) уй ва Лондоннинг энг нуфузли мавзеларидан саналмиш Белгравиядаги 1 миллион фунтлик (1,2 миллион доллар) квартира киради.

Жума куни ўтган маҳкама ишида Жиддий фирибгарлик идорасига бу мулкларни музлатиш ҳукми муддатини узайтиришга рухсат берилди.

Маҳкамада айтилишича, Гулнора Каримова 2004 ва 2012 йиллар орасида халқаро компаниялардан олган 500 миллион долларлик пора пулларни ювиш учун офшор ҳисоб рақамлари орқали бу кўчмас мулкларни сотиб олган.

Судда Ислом Каримов оиланинг бир саройига 19 ёшидан бери расман эга экани айтилди, аммо унинг ўзи Би-би-сига интервьюсида буни айтмаган

Кўчмас мулклар музлатилганига уч йил бўлган бўлса-да, Жиддий фирибгарлик идораси ҳали ҳам Гулнора Каримова ва унинг шериги Рустам Мадумаровга расмий огоҳ қилиш хатини бера олмагани айтилади.

Идора адвокатлари бу учрашувни уюштиришда Ўзбекистон Бош прокуратураси ёрдам беришига умид қилишмоқда, дейилади Bloomberg хабарида. Уларнинг Ўзбекистонга эҳтимолий ташрифи Ковид-19 туфайли кечиктирилаётгани айтилади.

Жума куни Лондонда ўтган суд ишида Каримованинг ўғли Ислом Каримовнинг адвокати Ҳюго Кийт ҳам иштирок этган. У кўчмас мулклар музлатилишига қарши эмаслиги, аммо улар бўйича иддаолар давом этиши учун Гулнора Каримовани расман огоҳ килиш кераклигини урғулади.

Жаноб Кийтнинг судга билдиришича, Ислом Каримов бу уйлар қонуний йўлда харид қилинганига ишонади, аммо буни исботлаш учун онаси билан кўришиши керак, бу эса имконсиз.

Жаноб Кийтга кўра, Ислом Каримов 19 ёшида оилавий саройнинг қоғоздаги эгаси дея расман қайд қилинган.

Икки йил аввал Би-би-си билан суҳбатда Ислом Каримов Британиядаги кўчмас мулклар онасига тегишли экани, ҳамда ўзи бу каби кўчмас мулклардан фойдаланаётганини рад қилганди.

 

Ёрлиқ