июл 02, 2020 09:54 Asia/Tashkent
  • Навоийдаги қамоқхонада маҳбус қийноқлардан вафот этган-ми?

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ 23-сон МУИКда жазо муддатини ўтаётган 45 ёшли маҳкум Ф.Х. вафот этгани хабарқилинди.

У Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан бўлиб, Навоий вилоятидаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган бўлган. 

Бу ҳақдаги дастлаб «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

А.Ташановнинг ёзишича, Ф.Х. бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини билдирган, ҳатто қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам берган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотига кўра, марҳумнинг ўлимига В-24.0 IV клиник босқичи (лимфа тугунларининг тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологиядан узоқ давом этувчи иситма, тана вазнининг 10 фоиздан ортиқ озиши, диарея) сабаб бўлгани айтилади.

Маълум қилинишича, маҳкум 2020 йил 5 июнь куни 11-сонли ЖИЭКдан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ 23-сон МУИКга олиб келинган.

Маълумотда маҳкум Ф.А. 2020 йил 15 июнь куни соат тахминан 17:45ларда ўз палатасида ўтирган ҳолатида ўрнидан турмоқчи бўлган пайтда мувозанатини йўқотиб, эҳтиётсизлиги оқибатида полга йиқилгани, бурун устки қисми ва пастки лаб ташқи юзасида енгил юзаки жароҳат олгани айтилади. Беморнинг умумий аҳволи ўта оғирлиги, ўз мустақил ёза олмаслиги сабабли у билан бирга даволанаётган беморлардан ёзма тилхатлар олингани айтилмоқда.

Маҳкум 2020 йил 18 июнь куни тонгги соат 05:45да вафот этган.

Маълум бўлишича, маҳкум Ф.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми ва 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми «а» банди билан айбланиб, суднинг 2010 йил 18 октябрдаги ҳукми билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлган. Шунингдек, маълумотда Ф.Х.нинг суд ҳукми билан ўта хавфли рецидивист деб топилгани айтилади.

Вазирлик тақдим этган маълумотларда марҳум Ф.Х.нинг ўлимидан олдин қийноққа солинган ёки солинмагани ҳақида маълумот берилмаган.

Бу ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳам расмий баёнот бериши кутилмоқда.

Ёрлиқ