Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i53332-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 29 июн-5 июл   кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2021-09-20T14:57:20+00:00 )
июл 06, 2020 14:44 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг 29 июн-5 июл   кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов телефон орқали мулоқот қилди.
  • Абдулазиз Комилов Залмай Халилзод билан мулоқот қилди.
  • Ўзбекистон давлати ШҲТ қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш бўйича битимига қўшимча қабул қилди.
  • Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари темир йўл қурилиши бўйича маслаҳатлашди.
  • Жанубий Корея Ўзбекистонга 5 млн доллар ажратади.
  • Ўзбекистон Қирғизистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини юборди.
  • Тошкентда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчи гуруҳининг яна 11 аъзоси қўлга олинди.
  • Ўзбекистон 1 июлдан карантин чораларини кучайтириш.
  • Самарқандда туғилган сиам эгизаклари уч соат фарқ билан вафот этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди

Азон.уз сайтига кўра, “Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ҳамкорликка доир ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни, биринчи навбатда савдо, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит ташувлари, туризм соҳаларида янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Давлат раҳбарлари чегераолди ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни давом эттириш, шунингдек, таълим ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш фикрини қўллаб-қувватладилар.

Икки томонлама Ҳукуматлараро комиссия доирасида ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари коронавирус инфекцияси тарқалишига самарали қарши куршиш мақсадида тегишли идоралар даражасида яқиндан мулоқот ва мувофиқлашувни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар” дейилади хабарда.

Х  Х  Х

30.06.2020 йилдаги ЎРҚ-624-сон Қонун билан 2007 йил 27 июндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликдаги ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги Битимга қўшимчалар киритиш ҳақидаги Баённома ратификация қилинди. У 2019 йил 29 апрелда Бишкекда имзоланган.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ ШҲТга аъзо ҳар қандай давлат Баённомага қўшилиши мумкин, бунда ушбу Битим қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат депозитарийдан олинган кундан бошлаб 30 кун ичида кучга киради деб хабар қилган Норма.уз.

Қабул қилинган мазкур ҳужжат ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий-техникавий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, томонларнинг ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш, ўз Қуролли Кучларининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш мақсадларига хизмат қилади.

Х  Х  Х

Жанубий Корея ҳукумати Ўзбекистонда COVID-19’га қарши курашиш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида фавқулодда ёрдам кўрсатишга қарор қилди.

Шу муносабат билан ушбу дастурни тез фурсатларда амалга ошириш мақсадида Жанубий Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KОICА)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган.

Ушбу кўмак доирасида COVID-19 тарқалишига қарши кураш, шу жумладан, тиббий муассасаларни асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кадрлар малакасини ошириш, хусусан, тиббиёт соҳаси мутахассисларининг замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, COVID-19 ҳақида маълумот берадиган мобил иловаларни ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини зарур шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш каби турли хил тадбирлар амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси тарқалишининг дастлабки босқичида Ўзбекистонга Жанубий Корея ҳам ёрдам кўрсатганди, хусусан, профессор Цой Чже Ук ва Юн Синг Жу каби малакали тиббиёт ходимлари мамлакатга маслаҳатчи сифатида келиб, эпидемияга қарши курашда маҳаллий мутахассисларга ёрдам берди.

Х  Х  Х

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувлар доирасида яна бир инсонпарварлик юки Қирғизистонга етиб борди.

Қайд этилишича, ушбу инсонпарварлик ёрдами таркибида 50 комплект кислороднинг мобил концентратори ва 100 дона сунъий нафас олдириш аппарати бор.

Умумий оғирлиги 8 тоннани ташкил этувчи инсонпарварлик ёрдами юки авиапарвоз орқали барча санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилинган ҳолда етказиб берилган.

Қирғизистон ҳукумати кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Қирғизистонга бундан аввал икки марта ёрдам жўнатган.

Маълумот учун, Қирғизистонда 4 июль ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 7094 кишига етди. Уларнинг 2714 нафари соғайган, 78 нафари вирус қурбонига айланган.

Х  Х  Х

Самарқандда туғилган сиам эгизаклари 10 кун ҳам яшамади. Чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги бўлган.

Самарқанд вилоятида туғилган сиам эгизаклари вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, чақалоқларда нафас ва юрак етишмовчилиги бўлган. Уларнинг доимий намланган ва илитилган кислород билан нафас олиши ва тажрибали мутахассислар назоратида бўлиши зарур бўлган. Шу боис эгизаклар 29 июнь куни Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ўтказилган.

Бироқ 6 июль куни шифокорлар томонидан кўрсатилган тезкор муолажаларга қарамасдан чақалоқларда кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлар борлиги сабабли дастлаб соат 7:50 да сиам эгизакларининг биринчиси, 10:50 да эса иккинчиси нафас ва юрак етишмовчилиги туфайли вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, сиам эгизакларининг дицефал турига мансуб эгизак қизлар 27 июнь куни Самарқанд вилояти перинатал марказида кесарча кесиш натижасида туғилган эди.