июл 23, 2020 10:02 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонга Сингапурдан 30 та кислород концентратори беғараз ёрдам сифатида олиб келинди

Сингапурнинг Temasek Foundation жамғармаси 30 дона Yuwell 7F-5 кислород концентраторини беғараз асосда Ўзбекистонга тақдим этди. Бу ҳақда «Дунё» агентлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, 22 июль куни қурилмаларни Ўзбекистон томонига расмий топшириш маросими бўлиб ўтди.

Кислород концентраторини Ўзбекистонга жўнатиш билан боғлиқ ташкилий жараён Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси томонидан Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йилнинг 20 июль куни бўлиб ўтган видеоселектордаги топшириқлар ижроси доирасида амалга оширилди.

Қайд этилишича, Сингапур томонининг 30 та кислород концентраторини етказиб бериш бўйича қарори Ўзбекистонда COVID-19’га қарши комплекс чора-тадбирлар ва қатъий ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ўз вақтида ва манзилли кўрсатилган ёрдам бўлди.

Таъкидланишича, бу ҳамкор мамлакатнинг Ўзбекистон тиббий муассасаларининг самарали фаолият юритиши учун тақдим қилган иккинчи инсонпарварлик ёрдами ҳисобланади. Бундан олдин Сингапур Ўзбекистонга 5 минг дона ПЗР тест тизимларини юборган эди.

Ускуналарни Ўзбекистонга олиб келиш учун 22 июль куни Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан Шанхай шаҳри орқали рейс ташкил қилинди. Айни пайтда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги кислород концентраторларини қабул қилиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш борасида олиб борилаётган ишларнинг чуқур танқидий таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб келиш учун махсус самолёт ажратиш ҳақида кўрсатма беганди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонга дори воситалари ва тиббий буюмларни, жумладан, кислород концентраторларини импорт қилиш жараёни соддалаштирилди.

Аввалроқ Бухоро вилоятида тиббиёт муассасалари 50 дона кислород концентратори билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.

 

Ёрлиқ