Шавкат Мирзиёев : эҳтиёжманд аҳолига ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистон давлатининг устувор вазифасидир
Коронавирус тарқалиши сабаб иқтисодий фаоллик чеклангани одамларнинг рўзғорига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бундай шароитда вақтинча ишсиз қолган, даромад манбасини йўқотган ва оғир аҳволда кун кечираётган аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам қўлини чўзиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Дарё сайтига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль куни қабул қилинган ‘Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида’ги фармони шу борада жуда муҳим қадам бўлди. Ҳужжатга мувофиқ, бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар 1 миллион 700 минг нафар ёрдамга муҳтож аҳоли, 3 миллион 700 минг нафар пенсионер ва жорий йил якунига қадар қўшимча 500 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга йўналтирилиши белгиланган.
Хусусан, ўтган 5 кунда эҳтиёжманд оилаларга жами 148 миллиард сўм моддий ёрдам тарқатилди. Август ойида 1 миллион 700 минг аҳоли ва 50 мингдан зиёд тиббиёт ходимларига 780 миллиард сўм тўланиши кўзда тутилган.
Йиғилишда аҳолига ижтимоий ёрдам тўловларини етказиб бериш бўйича сектор раҳбарлари ва маҳалла мутасаддиларининг масъулиятига эътибор қаратилди.
Давлат нозирлик органларига маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва тўланиши юзасидан доимий назорат ўрнатиш, қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш топширилди.
Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.
Йиғилишда ёрдам пулларига муҳтож оилалар рўйхати маҳаллалар кесимида адолатли тузилиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида тасдиқланиши лозимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, 50 минг нафар тез тиббий ёрдам ходими учун ажратилган 200 миллиард сўм мукофот пулларини ҳам ортиқча қоғозбозликсиз, ўз вақтида тарқатиш бўйича кўрсатмалар берилди.