август 21, 2020 09:43 Asia/Tashkent
  • Тошкентдаги корхонадан 2 млрд сўмдан ортиқ нақд пул ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Тошкентдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг биносига бостириб кириб, тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни ўғирлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Маълум бўлишича, 15 август куни соат 21:30 дан 16 август куни соат 17:30 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахслар, МЧЖ биносининг ташқи деразаси, шунингдек, моддий бойликлар сақланадиган омбор эшиги ва темир панжараларини бузган ҳолда ғайриқонуний равишда кирган.

Сўнг темир сейфнинг қулфини темир кесиш ускунаси ёрдамида кесиб, сейфнинг ичида ҳамда ҳисобчилар хонасида бир неча сумкаларга солинган тахминан 2 миллиард сўмдан кўпроқ нақд пулларни яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан Тошкент шаҳар Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни оқ рангли давлат рақамлари ечиб олинган Lacetti автомашинада келган 6 нафар фуқаро содир этгани аниқланган. Тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятга алоқадор яна 2 нафар фуқаролар аниқланиб, улар ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб содир этгани аниқланган.

Ҳозирда жиноятчилар Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўгрилик) билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Ўғирланган пуллар тергов жараёнида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ёрлиқ