Наманганда Суриядаги жангарилар билан алоқа боғлаган гуруҳ ушланди
Ўзбекистоннинг ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Наманган шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида «Жиҳодчилар» диний экстремистик оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
УзА га таяниб, Дарё сайтининг хабар қилишича, косибчилик билан шуғулланувчи, 1965 йилда туғилган фуқаро Facebook ижтимоий тармоғидаги профили орқали диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ғоявий раҳнамолари бўлмиш «Абу Салоҳ», «Содиқ Самарқандий» ва бошқаларнинг ҳижрат, жиҳодга чорловчи аудио-видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишларини олиб борган.
Шунингдек, Суриядаги жангарилар билан виртуал алоқа боғлаб, Россиядаги танишлари орқали уларга бир неча маротаба пул маблағлари жўнатган.
Мазкур фуқаро ўғли, жияни, синфдоши ва танишларини — жами 6 кишини ўз виртуал гуруҳига қўшган.
Гуруҳ аъзоларининг яшаш манзилларидан 7 та мобил телефон аппарати, 80 та DVD ва CD дисклар, 2 та микрочип, 2 та флеш-карта, 1 дона китоб ва 1 дона дафтар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.