Ўзбекистонлик "Жиҳодчи" олти йилга қамалди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i5431-Ўзбекистонлик_Жиҳодчи_олти_йилга_қамалди
Ўзбекистонлик "Жиҳодчи" олти йилга қамалди
(last modified 2018-08-22T13:17:50+00:00 )
сентябр 26, 2016 15:52 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонлик

Ўзбекистонлик "Жиҳодчи" олти йилга қамалди

Ўзбекистонлик "жиҳодчи" олти йилга қамалди. Навоий вилоят жиноят ишлари бўйича судида тақиқланган диний экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этган хатирчилик 33 ёшли Зоҳиджон Ниёзовнинг иши кўрилди, деб хабар берди куч тизимларидаги манба Sputnik мухбирига.

Бу ҳақда Спутник агентлиги хабар бермоқда. Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Ниёзовнинг Россияда ишлаб юрган чоғида Санкт-Петербургдаги "Жиҳодчилар" диний-экстремистик оқими тарафдорлари жойлашиб олган, рўйхатдан ўтмаган масжидлардан бирида араб тилини ўрганганлигини аниқладилар. Мунтазам равишда масжидга қатнаб юрган Ниёзов "жиҳодчилар жамоаси"нинг фаол аъзоларидан бирига айланган. У Марказий Осиё давлатларидан келган гуруҳнинг бошқа аъзолари билан биргаликда интернет ва ижтимоий тармоқларда жангарилар даъватчилари, диний экстремистик оқимлар етакчиларининг "жиҳод"га даъват қилувчи лавҳаларини кўриб борган.

"Россияда бўлиб турган Ниёзов 2013 йилда шериги билан Туркия орқали Сурияга борган ва жангарилар лагерида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, жангавор ҳаракатларда фаол қатнашган. Бундан ташқари, судланувчи террорчилик ташкилоти раҳбарларининг топшириғига мувофиқ экстремистлар сафини тўлдирувчи оқим ташкилотчиси вазифасини бажарган", — деди суд вакили. У ишлаб юрган чоғида яқин қариндошлари ва танишларини "жиҳодчилар" сафига киришга даъват қилган. Тарғибот-ташвиқот мақсадида у шахсий ноутбуки хотирасида сақланаётган диний маърузалар ва экстремистик руҳдаги видеолавҳалардан фойдаланган. МХХ ходимлари томонидан тўпланган далиллар асосида суд Зоҳиджон Ниёзовни олти йил муддатга озодликдан маҳрум этди.