Гулнора Каримовага тааллуқли 131 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади
Швейцария давлати Гулнора Каримовага тегишли 131 миллион долларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик бергани айтилади.
Швейцария ҳукумати 2012 йилда Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни Ўзбекистонга қайтаришга розилик берган. Икки мамлакат ўртасида имзоланган келишувда бу ҳақда сўз боради хабар берган Дарё сайти.
Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.
«Гулнора Каримовага тааллуқли яна 715 миллион долларлик маблағ музлатиб қўйилган. Ҳозирча бу маблағлар Каримовага нисбатан жиноий иш кетаётганлиги учун ушлаб турилади. Мабодо ушбу маблағлар берилган тақдирда ҳам юқоридаги шартлар асосидагина Ўзбекистонга қайтарилади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга қамоққа олинган.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил қилган.
Июнь ойида эса Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликдаги ишлар давом этаётгани тўғрисида хабар берилганди.