Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i54670-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  7-13 сентябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2020-09-14T09:10:25+00:00 )
сентябр 14, 2020 14:02 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  7-13 сентябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Москвада Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари музокаралар ўтказди.
  • Абдулазиз Комилов ва Сергей Лебедев давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига тайёргарлик масаласини муҳокама қилди.
  • Ўзбекистон Покистон портларининг инфратузилмасидан фойдаланмоқчи.
  • Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавров ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига муносиб шароитларни яратиш масаласини кўриб чиқди.
  • Москвада Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирлари музокаралар ўтказди.
  • Ўзбекистон: афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрмиз.
  • Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми маълум қилинди.
  • Ўзбекистонда таниқли инфекционист Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олинди.
  • «Арми – 2020» халқаро ўйинларида Ўзбекистон 3-ўринни эгаллади.
  • Истанбулдаги тунги клубда 39 кишини отиб ташлаган ўзбекистонлик 1368 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Москва шаҳрида МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедев билан учрашув ўтказди.

Дарё сайтига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲга раислиги Тадбирлар режасини амалга ошириш жараёни юзасидан атрофлича фикр алмашилган. Коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистон томони илгари режалаштирилган тадбирларнинг аксариятини муваффақиятли амалга оширгани қайд этилган.

«Бу йил МДҲнинг устав органлари Ташқи ишлар вазирлари кенгаши (12 май), ҳукумат раҳбарлари кенгаши (29 май) ва МДҲ Иқтисодий кенгаши (30 июнь) йиғилишлари ҳамда соҳавий ҳамкорлик органларининг қатор учрашувлари видеоконференция шаклида бўлиб ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистоннинг МДҲга раислигининг асосий воқеаси – Давлат раҳбарлари саммитига (16 октябрь) пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тадбир кун тартибига МДҲ фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган муҳим масалалар киритилганлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 10 сентябрь кунидаги мажлисида иштирок этиш учун Москва шаҳрига борган. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан мулоқот қилди.

Х  Х  Х

Ўзбекистон: афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрмиз

Ўзбекистон ТИВ-ига кўра, Тошкент ҳукумати афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирган.

Спутник сайтининг хабар қилишича, 9 сентябрь куни “Ўзбeкистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, АҚШ давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди.

“Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди”, - дейилган хабарда.

Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидлади.

Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.

Х  Х  Х

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИМнинг 48 фоизини ташкил этади, яъни 245 триллион сўм. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасига таяниб, Юксалиш хабар берди.

Маълум қилинишича, яширин иқтисодиётдаги бундай катта маблағларнинг сабабларидан бири касса чекларини бермасдан савдо қилишдир, бу солиқ тўлашдан қочиш имкониятини яратади ва тадбиркорлар ўртасида носоғлом рақобатни келтириб чиқаради.

Х  Х  Х

2020 йилнинг 23 августидан 5 сентябригача давом этган «АрМИ – 2020» халқаро армия ўйинларида 30 дан ортиқ давлатнинг 160 дан зиёд жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 16 йўналишда мусобақаларида фаол иштирок этди.

Ўтган йил ўзбекистонликлар  умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида жами 14 йўналишда –  2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллаган бўлса, жорий йилга 3-поғонага кўтарилди деб хабар қилган Аниқ.уз.

Ўзбекистон ҳарбийлари "Содиқ дўст”, “Йўл патрули” , “Йўл патрули”  каби мусобақаларда ҳам биринчи ўринни эгаллаган.

Х  Х  Х

Туркия суди 2017 йил Истанбулда теракт уюштирган Ўзбекистонда туғилган Абдулқодир Машариповга умрбод қамоқ жазоси белгилади

Терактни содир этгандан кейин Машарипов кийимларини алмаштирган ва клубдан қочаётган оломонга қўшилиб қочиб кетган. Терактдан 2 ҳафта ўтиб у қўлга олинган эди.

Суд жараёнида Абдулқодир Машарипов ўз айбини тан олмади. Унинг сўзларига кўра, у қийноқлар ва босим остида кўрсатма берган. Бундан ташқари, у бармоқ изларини текшириш бўйича даъвоси қондирилмаганлигини айтган.

Туркия суди томонидан Машарипов мамлакат конституциясини бузишда ва 39 нафар одамни қасддан ўлдиришда айбдор деб топилди ва 40 та умрбод қамоқ жазо белгиланди.

Бундан ташқари, суд Машариповни 79 кишини ўлдиришга қасд қилиш ва лицензиясиз қурол олиб юришда айбдор деб топди ва 1368 йилга озодликдан маҳрум этди, 375 минг лира жаримага тортди.

Унда муддатдан аввал озодликка чиқиш ҳуқуқи бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 1 январга ўтар кечаси «Калашников» автомати билан қуролланган террорчи Истанбулдаги Реина тунги клубига бостириб кириб, одамларга қарата ўт очганди. Бинода 700 дан ортиқ киши бўлган. Туркия полицияси хабарига кўра, терактда 39 киши қурбон бўлганди, 69 киши жароҳатланган. Содир бўлган теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.