Ангрен шакар заводида 150 нафар ходим ишдан бўшатилган-ми?
«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» масъулияти чекланган жамиятлари шу кунларда оммавий равишда ходимларини ишдан бўшатишни бошлагани хабар қилинмоқда.
Дарё сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистоннинг «Ангрен шакар» корхонасида 600 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат фаолиятини олиб борган. Мазкур корхона қарийб 5 ойдан буён фаолият кўрсатмасдан келмоқда. Шу вақтга қадар ишчи-ходимларга ойлик маош тўлаб келинган. Айримлари эса ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган.
Ҳозирги вақтга келиб, корхона томонидан ўзаро келишув асосида, яъни келгусида корхона иш фаолиятини тиклагач, қайта ишга олиш шарти билан ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинмоқда. Айни дамда 150 дан ортиқ ишчи-ходим ишдан бўшатилган, уларнинг барчасига компенсация пуллари тўлаб берилган. Ишдан бўшатишлар, ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътиллари яна давом этиши мумкин.
«Айни пайтда Оҳангарон шаҳар ва туман ҳокимлиги вақтинча ишсиз қолган фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича дастлабки режаларни муҳокама қилиб, таклифлар тайёрламоқда. Бунда, асосан, саноат ва ишлаб чиқаришда маълум тажрибага эга бўлган ишчиларни ўз соҳасига яқин бўлган ишлаб чиқариш объектларига ишга жойлаштириш назарда тутилмоқда», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Оҳангарон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Миршоҳид Мирюнусов, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4-сектор раҳбари Анвар Мўминов 27 октябрь куни мазкур корхонада бўлиб, ишчилар ва раҳбарлар билан суҳбатлашган. Корхонадан бўшатилган ишчи-ходимларга 15 кун муддатда янги иш ўринлари таклиф этиш бўйича хулоса тайёрланаётгани ҳақида ахборот берилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июль ўрталарида Ўзбекистоннинг иккита энг йирик шакар заводи — «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» хом ашё етишмовчилиги сабабли ишлаб чиқаришни тўхтаб қўйганди.