Эроннинг Тошкентдаги элчиси икки мамлакат ўртасидаги виза режимини бекор қилишни таклиф этди
Эроннинг Ўзбекистонга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найрободий Эрон ва Ўзбекистон фуқаролари учун визаларни бекор қилишни таклиф қилди.
“Бож тўловларини камайтириш ва божхона тўсиқларини олиб ташлаш томон ҳаракат қилиш керак. Шунингдек, транспорт лойиҳаларини амалга оширишни тезлаштириш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштиришга хизмат қилади”, деди Найрободий.
Ҳамид Найрободийнинг қайд этишича, Эрон ва Ўзбекистон туризм бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторида туради. Тарихий ва нодир мерос сайёҳларни мунтазам жалб этиш учун қулай имконият тақдим этган деб хабар қилган Ку.уз сайти.
“Бу борада икки мамлакат фуқаролари учун визаларни бекор қилиш энг тўғри йўл деб ўйлайман. Мен шуни тарафдориман. Бундан ташқари турли бизнес-тадбирлар, жумладан видеоконференция шаклидаги мулоқотлар ташкиллаштириш орқали тадбиркорларни янада яқинлаштиришимиз мумкин. Техник-муҳандислик хизматлари, тиббиёт ва янги технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланишига ёрдам беради. Мен ўз миссиям давомида ана шу режаларни ҳаётга тўлиқ татбиқ эта олсам, бундан хурсанд бўлардим. Бу йўлда енг шимариб ишга киришганмиз”, - дейди Эрон элчиси.