Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i56076-Ӯзбекистон_ӯтган_ҳафта_давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  16-22  ноябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
(last modified 2021-09-20T19:27:20+00:00 )
ноябр 24, 2020 02:11 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  16-22  ноябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  • Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири билан мулоқот қилди.
  • Абдулазиз Комилов АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашди.
  • Ӯзбекистонда коронавирусни юқтириб олганлар сони 71 минг нафардан ошди.
  • Марказий Осиё инвестиция жамғармаси ташкил этилади.
  • Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга доимий парвозларни амалга оширишни бошлайди.
  • Афғонистон мавзуси Ўзбекистон ва АҚШ расмийлари маслаҳатлашувининг диққат-марказида бўлди.
  • 647 нафар ўзбекистонлик мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Туркистонда Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин билан учрашиб мулоқот қилди.

 

Кун сайтининг хабар қилишича, Абдулла Арипов ва Асқар Мамин савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, транспорт-логистика, божхона соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек саноат кооперацияси ва минтақалараро ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2020-2022 йилларда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, товарларни тақсимлашнинг минтақавий тизими, Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш, чегара-божхона постларини модернизация қилиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди», – дея хабар берди Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо шериги ҳисобланади. 2019 йил якуни бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 21,2 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этди.

«Томонлар савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш ниятида», дейилади маълумотда.

Ҳукумат раҳбарлари Туркистонда «Turkistan Textile» тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонасининг очилиш маросимида ҳам қатнашди.

Х  Х  Х

Ӯтган ҳафта Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Вашингтон шаҳрида АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси, демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси раҳбари Роберт Дестро билан учрашди.

Вашингтонда бўлиб ўтган Абдулазиз Комилов ва Роберт Дестро учрашувида турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Суҳбат давомида Америка томонига Ўзбекистонда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коррупцияга қарши кураш, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, мажбурий меҳнатни йўқ қилиш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва эришилган натижалар тўғрисида маълумот берилди.

Х  Х  Х

Россиянинг тегишли лицензияга эга авиакомпаниялари 12 та мамлакат, шу жумладан, Ўзбекистонга доимий парвозларни амалга ошириш учун рухсат олганини Коммерсанть газетаси хабар қилган.

Россия авиакомпаниялари қуйидаги мамлакатларга- Беларусь; Кипр; Куба; Ливан; Мальдив ороллари; Марокаш; Уммон; Словакия; Ўзбекистон;Финляндия; Хорватия, доимий парвозларни амалга ошириш учун рухсат олган.

«Аэрофлот» компанияси Москва—Касабланка (Марокаш) йўналишида, «Россия» компанияси эса Москва—Мале (Мальдив ороллари) йўналишида парвоз қилиш учун рухсат олган.

«Росавиация» томонидан хабар берилишича, мазкур рухсатномаларни бериш ҳақидаги қарор халқаро йўналишларда парвозларни қайта тиклаш учун асос ҳисобланмайди. Рухсатнома парвозлар қайта тикланган тақдирда авиакомпаниялар фойдаланиши мумкин бўлган ҳуқуқ ҳисобланади.

Россиянинг хорижий давлатлар билан доимий авиақатновлари коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг 27 мартидан бошлаб тўхтатилган. Август ойидан Россия бошқа мамлакатлар билан авиақатновларни қайта тиклашни бошлаган.

Х  Х  Х

Жорий йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекстоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 838 та коррупция ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Шундан судларга юборилган 454та жиноят ишлари бўйича 647 та мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлигига таяниб Спутник сайти хабар қилган.

2020 йилнинг 9 ойи давомида аниқланган коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 261 нафар шахс (40,3%) ни ЖК нинг 167-моддаси(Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)да кўрсатилган жиноятларни содир этган мансабдор шахслар ташкил қилган.

Шунингдек, ЖК нинг 168-моддаси(Фирибгарлик) билан 116 нафар шахс,  184-моддаси(Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) билан 68 нафар шахс, 210-моддаси билан 56 нафар шахс, 205-моддаси билан 24 нафар шахс, 206-моддаси билан 9 нафар шахс, 207-моддаси билан 15 нафар шахс, 209-моддаси билан 7 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 4 нафари республика миқёсидаги, 15 нафари вилоят миқёсидаги 626 нафар шаҳар-туман миқёсидаги мансабдор шахсларни ташкил қилади.