Ўзбекистон коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этиш масаласи мамлакат президентининг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова «Биз бу йўналишда яхши илмий-техник имкониятга эгамиз, биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар билан шуғулланаётган институтлар, ОТМлар мавжуд. Бироқ, афсуски, бизда бу соҳада саноат корхоналари йўқлиги сабабли бу тадқиқотларни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш деярли имконсиз» деб хабар қилган.
«Президент хавфсизликнинг учинчи даражасидаги замонавий лаборатория яратиш бўйича топшириқ берди. У ерда илмий ходимлар вакциналарнинг янги турларини яратиши, вирусларнинг янги штаммлари устида ишлаши мумкин бўлади. Мазкур лойиҳа амалга оширилганидан кейин биз аҳоли учун зарур бўлган вакциналарни ишлаб чиқара оламиз, ҳатто, айтиш мумкинки, коронавирусга қарши вакцинани ҳам» деб хабар қилган Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев.
Қарорга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илғор технологиялар марказида фудомикс-лаборатория (Копенгаген университети билан ҳамкорликда), ҳужайра технологиялари илмий лабораторияси, шунингдек, биотехнологиялар, биология, биотиббиёт ва кимё соҳаларидаги катта маълумотларни таҳлил қилиш бўйича Big Data миллий лабораторияси ташкил этилади. Фанлар академиясининг Микробиология институтида фитовирусология илмий лабораторияси ташкил этилади. Шунингдек, Тошкент вакцина ва зардоб илмий-тадқиқот институтининг фаолиятини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда деб хабар қилган Дарё сайти.