Россиянинг юқори мартабали ҳарбий делегацияси Ўзбекистонга келди
(last modified Sun, 13 Dec 2020 06:01:44 GMT )
декабр 13, 2020 11:01 Asia/Tashkent
  • Россиянинг юқори мартабали ҳарбий делегацияси Ўзбекистонга келди
    Россиянинг юқори мартабали ҳарбий делегацияси Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Россия Федерацияси Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Лапин бошчилигидаги ҳарбий делегацияни Тошкентга келганини деб хабар берди

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида генерал-полковник Александр Лапин Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев билан учрашди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида ҳарбий соҳага оид ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланаётгани эътироф этилди. Хавфсизликни таъминлашга қаратилган ва ўзаро манфаатли ҳарбий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлар алмашинди. Икки давлат мудофаа идоралари мутахассислари томонидан турли йўналишларда тажриба алмашиш учун мунтазам равишда амалга оширилаётган алоқаларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Мамлакат минтақадаги тинчликни сақлаш, халқаро терроризмга қарши кураш олиб бориш борасида халқаро ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида турли йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Айни кунларда Термиз полигонида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси Қуролли Кучлари билан ҳамкорликдаги "Сурхон-2020" ўқув машғулотига тайёргарлик жараёни давом этмоқда. Ҳарбий делегация аъзолари ҳамкорликдаги мазкур ўқув машғулотини кузатиш учун Термиз шаҳрига жўнаб кетдилар.