Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллигида нутқ сўзлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ватандошларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари республикамиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишнинг чинакам кафолати бўлмоқда.
Энг асосийси, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланди.
Албатта, ўтган 2020 йил жаҳондаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз учун ҳам жиддий синовлар йили бўлди. Биз коронавирус пандемиясининг таҳдидига, шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кутилмаган табиий ва техноген офатларга дуч келдик.
Биз глобал иқтисодий инқироз таъсирига қарамасдан, ҳарбий хизматчиларимиз ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳарбий шаҳарчаларни ободонлаштириш, уларда замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича тизимли ишларимизни изчил давом эттиряпмиз.
Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун қўшимча равишда кўплаб янги иш ўринлари яратилди. 3 мингдан зиёд ҳарбий пенсионерлар ишга жойлаштирилди. Ҳарбий хизматчиларнинг мингдан ортиқ фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грантлари ажратилди.