Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди
Тошкентда Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакат Хавфсизлик кенгашининг Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари ва яқин истиқболга мўлжалланган вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар раҳбарлари, округлар қўмондонлари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Спутник сайтининг Ўзбекистон президенти матбуот хизматига таяниб хабар қилишича, йиғилиш аввалида давлат раҳбари Ўзбекистон мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш борасида 2023 йилда амалга оширилган ишларнинг натижаларини таҳлил қилди.
Шунингдек вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бу йўналишдаги фаолияти танқидий кўриб чиқилди, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, миллий армияни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар ва мудофаа саноати фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
“Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”, – деди Мирзиёев.
Йиғилишда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолишига урғу берилди.