Ўзбекистонда «Жиҳодчилар» диний-экстремистик оқимининг навбатдаги яширин гуруҳи қўлга олинди
ЎЗбекистннинг Сирдарё вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда «Жиҳодчилар» экстремистик оқимининг яширин гуруҳи аъзолари қўлга олинди.
Сирдаё вилоят ИИБ га кўра, «Жиҳодчилар» экстремистик оқимининг яширин гуруҳининг 2 нафар етакчиси Россияда мавсумий ишлаши давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб, яшаш жойига қайтиб келганидан сўнг аҳоли орасида ўзларининг бузғунчи ғояларини тарғиб қилиш ва ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террорчилик ташкилотларининг ғоявий раҳномаларининг маърузаларини тарқатиш билан шуғулланган. Жумладан, Ўзбекистон Олий судининг қарори асосида тақиқланган экстремистик ва террорчилик гуруҳларига алоқадор шахсларнинг мақола ва маърузаларини интернет тармоғидан юклаб олиб, уларни сақлаш ва атрофдагиларга тарқатиш, шунингдек, Сурияда давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этувчи террорчилик гуруҳларини молиялаштирган деб хабар қилган Дарё сайти..
Ушбу жиноий гуруҳ раҳбарлари 2020 йилда Сардоба сув омбори билан боғлиқ сув тошқини оқибатида талафот кўрган масжидларнинг қайта қурилишига моддий кўмак йиғишни айтиб, Telegram’да хайрия гуруҳини очиб, банк пластик картасига эҳсон қилинган маблағларни Сурияга жўнатиш билан шуғулланган.
Таъкидланишича, қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келган.
Тезкор тадбирлар натижасида экстремистларнинг барча аъзолари қўлга олиниб, яшаш манзилларида ўтказилган тинтув-тергов ҳаракатлари давомида уларнинг жиноий фаолиятини фош этувчи далилий ашёлар олинган.