Ўзбекистонда илк марта “британча” коронавирус аниқланди
Ўзбекистонда коронавируснинг “британча” штамми кириб келгани ҳақида хабар бермоқда. Коронавиурснинг ушбу янги тури 10 ёшли қизда аниқланган.
Коронавируснинг янги турини юқтириб олган қиз оиласи билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 23 январь куни Тошкентга қайтган.
Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда мусбат натижа қайд қилинган. Шундан сўнг, бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилди ва унга COVID-19 нинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилган.
Қайд этилишича, ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда. Бемор билан бирга бўлган оила аъзоларида манфий натижа аниқлангани сабабли уй шароитида изоляцияга рухсат берилган.