Кобулда Абдулазиз Комилов Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди
23 февраль куни амалий ташриф билан Кобул шаҳрига келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон президенти Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди.
Комилов президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон президенти Ашраф Ғанига йўллаган мактубини топширганини Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига таяниб Кун сайти хабар берган.
Қайд этилишича, Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Афғонистон кўп қиррали муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг жорий юқори даражаси қайд этилди ва барча соҳаларда ўзаро манфаатли яқин алоқаларни янада чуқурлаштиришга ўзаро содиқлик таъкидланди.
Президент Ашраф Ғани биродар Афғонистон халқи номидан Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини тиклашда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик изҳор этди.
Афғонлараро сиёсий музокараларнинг узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва мамлакатда хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрни қайд этилди.