Комилов ва Лавров Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифига тайёргарликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи 2021 йилда бўлишига умид қилаётганини Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан 2 март куни ўтказилган учрашувда муҳокама қилди.
«Албатта, икки томонлама муносабатлар кун тартибида асосий масала — ташриф (Ўзбекистон президентининг Россияга ташрифи — таҳр.)… Ташриф саналарига келсак, мен бу тўғрисида Шавкат Миромонович билан гаплашдим. Албатта, биз вазиятга қараб иш тутамиз, лекин барибир онлайн тадбирларни ўтказмасликни хоҳлардик, (учрашув) расмиятчиликка бўлиб қолмаслиги учун. Биз шахсий учрашувлар бўлишини хоҳлардик. Бу борада вазиятга қараймиз ва ҳали маслаҳатлашамиз», — дея Абдулазиз Комиловнинг сўзларини келтирган Газета сайтига таяниб Дарё.уз сайти.
Абдулазиз Комилов, шунингдек, олдинда 24 октябрда ўтказилиши белгиланган президент сайлови ташвиши турганини, агар унгача ўтказишга улгурилмаса, унда президент сайловидан кейин биринчи ташрифни Россияга амалга ошириш таклифи борлигини билдирган.
Абдулазиз Комилов, шунингдек, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камайганини, бу муайян соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни тиклашни муҳокама қилишга имконият беришини қайд этган.
«Қўшнилар билан муносабатларга келсак, у ҳақиқатан ҳам маълум жиҳатдан тўхтатилган эди. Аммо ҳозирда биз буларни очяпмиз ва ҳаммасини тиклаймиз», — деб қўшимча қилган вазир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ТИВ раҳбари минтақадаги сиёсий вазият динамик тарзда ривожланаётганини таъкидлаган.