Сурхондарёда 1 килограмм «опий»ни ичига ютиб Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган шахс ушланди
Сурхондарё вилоятида жойлашган «Айритом» чегара божхона масканида 1 килограмм «опий» гиёҳванд моддасини ичига ютиб Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланган. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Kun.uz’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга кириб келаётган қўшни давлат фуқароси С.А. «Айритом» чегара божхона постида инсон танасини сканерловчи – «Body scan» қурилмаси орқали текширувдан ўтказилган. Ускуна унинг ички аъзоларида номаълум жисмлар борлигини кўрсатган.
Шундан сўнг С.А. Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сурхондарё вилоят филиалига олиб борилган. Тиббий муолажалардан сўнг қўшни давлат фуқаросининг ичидан 46 дона цилиндрсимон елим халтача чиқариб олинган.
Аниқланишича, елим халтачаларга жами 1 килограмм «опий» гиёҳванд моддаси жойлаштирилган. С.А. ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, 1 килограмм «опий»ни шу йўл билан яширинча Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган.
Аввал ҳам «Айритом» чегара божхона пости орқали 12 килограмм суюқ ҳолдаги «опий» гиёҳванд моддасини шампун идишларига жойлаб Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган 4 нафар қўшни давлат фуқароси ушланган эди.