ДХХ 2020 йилда Ўзбекистонда тӯртта терактнинг олдини олди
2020 йилда Давлат хавфсизлик хизмати органлари тўртта терактнинг олдини олди, улардан иккитаси Ўзбекистонда, яна иккитаси МДҲ мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди
Бундан ташқари, 67 та яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди, 594 та қурол ноқонуний муомаладан чиқарилди.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати органлари 2020 йилда тўртта терактнинг олдини олди, дейилади ЎзАнинг ДХХ матбуот хизматига таяниб тарқатган хабарида. Уларнинг иккитаси Ўзбекистонда, иккитаси МДҲ мамлакатларида амалга оширилиши режалаштирилган эди, дейилади хабарда.
ДХХ маълумотларига кўра, ўтган йили 67 та яширин гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бундан ташқари, экстремизм ва терроризмга алоқадорликда айбланиб, хорижда яшириниб юрган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга олиб келинди ҳамда жавобгарликка тортилди.
747 кг дан ортиқ гиёҳванд моддалар, 251 минг дона психотроп таблеткалар, 594 дона қурол, 4781 дона ўқ-дори ва 24,4 кг портловчи моддалар ноқонуний муомаладан олинди, таъкидланди хабарда.
ДХХ хабарига кўра, шунингдек, 540 дан ортиқ коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Бюджет ва кредит маблағларининг талон-торож қилиниши ҳамда мақсадсиз ишлатилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 557 млрд сўм давлат фойдасига ундирилди.