Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 26 апрел-2 май кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Мирзиёев ва Раҳмон тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди.
- Ўзбекистон ва Тожикистон бош вазирлари Хўжандда учрашди.
- Россия Мудофаа вазири Ўзбекистонга келди.
- Ўзбекистон-АҚШ Ташқи ишлар вазирлари стратегик шерикликни муҳокама қилишди.
- Россия ва Ўзбекистон ҳарбий соҳада ҳамкорликни кучайтиради.
- Ўзбекистонга «Спутник V» вакцинасининг яна бир партияси олиб келинди.
- Ўзбекистонда фуқаролик бериш тизими соддалаштирилади.
- Ўзбекистон ва Тожикистон янги темир йўл қурмоқчи.
- Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши 856 016 киши эмланди.
- Ишидга алоқадор 100 га яқин ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди.
- Душанбеда ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари долзарб минтақавий ва икки томонлама масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.
Ўзбекистон Президенти юзага келган вазиятни тез фурсатда ҳал қилиш ва унинг кескинлашувига йўл қўймаслик бўйича Тожикистон ва Қирғизистон томонлари эришган келишувларни қўллаб-қувватлади.
Мавжуд барча масалалар дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳида, фақат музокаралар ва маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниш муҳим экани таъкидланди.
Тожикистонга бўлажак олий даражадаги ташрифга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди. Мамлакатлар бош вазирлари ўтган ҳафта Хўжанд шаҳрида ўтказган амалий учрашувнинг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кенг кўламли ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Х Х Х
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан Бухорода музокаралар ўтказади.
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. 28 апрель куни Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов билан музокаралар ўтказилади. Учрашув Бухорода бўлиб ўтади.
«Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизлик, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган», дейилган Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.
Аввалроқ, Сергей Шойгунинг Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо билан Душанбеда музокаралар ўтказгани хабар қилинганди.Томонлар ҳаво маконидаги чегаралар ҳимоясини кучайтириш учун Россия ва Тожикистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бирлашган минтақавий тизимини яратиш тўғрисидаги келишув лойиҳасини тайёрлаган.
Х Х Х
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан амалиётда қўлланилиб келинаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига тан олишнинг тартиблари соддалаштирилмоқда.
Шунингдек, унда мамлакат ҳудудида ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни тўғридан тўғри Ўзбекистон фуқаролари, деб тан олиш белгиланмоқда.
Ўзбекистон ҳудудида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида беш йил яшамасдан мамлакат фуқаролигини олиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш тартиби жорий қилиняпти. Ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқаролигига тан олинган болаларни Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Х Х Х
Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон Транспорт вазирликлари вакилларининг музокаралари бўлиб ўтди.
Унда Панжакент (Тожикистон) ва Булунғур/Жомбой (Ўзбекистон) участкасида янги темир йўлни қуриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Музокараларда Бекобод-Истиқлол темир йўлини электрификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, бу участкада транзит юк ташиш ҳажмини кўпайтириш имконияти кўриб чиқилган.
Йиғилишда томонлар Ўзбекистон-Тожикистон-Хитой транспорт йўлагини ривожлантириш ва Ҳаштяк-Бекобод назорат ўтказиш пунктини қайта тиклаш мавзуларига ҳам тўхталиб ўтган.
Х Х Х
Суриянинг шимоли-шарқий ҳудуди масъуллари ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор 100 га яқин ўзбекистонликни мамлакат делегациясига топширди.
Суриянинг шимоли-шарқидаги расмийларнинг айтишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг делегацияси мамлакат фуқароларини қайтариш учун жума куни Қамишли шаҳрига келган.
Хабарда айтилишича, ТИВ делегациясига Ўзбекистоннинг 100 га яқин фуқароси, шу жумладан 24 нафар аёллар ва 68 нафар болалар топширилган.
Ўзбекистон ва Россия ўз фуқароларини Суриядан ватанга қайтариш учун биргаликда иш олиб бораётган мамлакатлар қаторига киради.
Ҳозирга қадар 240 нафар ўзбек аёллари ва болалари Суриядан ватанига қайтарилган.