Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 3-9 май кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
- Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефонда гаплашди.
- Халилзод ва Комилов Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди.
- Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё Иқтисодий Комиссияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
- Мудофаа вазирлиги: Россия қӯшинлари Ӯзбекистонга киритилмайди.
- Ўзбекистон ва Қозоғистон "Осиё шенгени"ни жорий этмоқда.
- Ўзбекистон, Эрон ва Туркманистон темир йўлчиларининг уч томонлама учрашуви.
- Ӯзбекистонда масжидлар сони 2089 тага етди.
- Собиқ бош прокурор тикув цехида ишлаяпти, собиқ ДХХ раиси чинни идишларга нақш солмоқда.
- Андижонда кучли сел келиши оқибатида икки бола қурбон бўлди.
- Ўзбекистонда пахта ёғи ва бензин нархи кўтарилди.
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан учрашиб, афғонлараро музокараларни муҳокама қилди.
АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашиб, афғон можаросини қандай ҳал қилиш истиқболлари ҳамда бу жараёнга ёрдам бериш механизмларини муҳокама қилди.
Томонлар хавфсиз, барқарор ва мустақил Афғонистонни яратишдан умумий манфаатдорликларини, шунингдек, мамлакатда узоқ йиллар давом этган урушни тугатадиган сиёсий барқарорлаштириш учун манфаатдор томонларни қўллаб-қувватлаш зарурати ва аҳамиятини таъкидладилар.
Залмай Халилзод ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири можарони ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг иложи йўқлиги тўғрисида муштарак нуқтаи назарга эга эканликларини таъкидлашди.
Афғонлараро тинчлик музокараларини ҳал қилиш масаласидаги Халилзоднинг сафари 2001 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистоннинг хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида мамлакатга бостириб кирган ва бу босқинчилик уруш ва Афғонистоннинг иқтисодий инфратузилмасини йўқ қилишдан бошқа нарса келтирмаган, шунингдек, АҚШнинг аралашуви ва саботажи туфайли афғонлараро тинчлик музокаралари кечиктирилиб, мувафақиятсизликка юз тутган бир шароитда амалга оширилмоқда.
Х Х Х
Қозоғистон ва Ўзбекистон Silk Road Visa олиш мумкин бўлган давлатлар рўйхатини келишиб олди.
Қозоғистон ва Ўзбекистон “Шенген” каби Silk Road Visa жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Кўп марталик сайёҳлик визаси тўғрисидаги низом келишиб олинди. Бу ҳақда мамлакат маданият ва спорт вазирлигига асосан Sputnik Қозоғистон хабар қилди.
"Ҳозирги вақтда Silk Road зонасига (дастлабки босқичда - Қозоғистон ва Ўзбекистон) киритилган мамлакатларга кириш ва бўлиш учун Silk Road Visa’ларини беришнинг ягона электрон тизимини жорий этиш масаласи Ўзбекистон билан келишув жараёни олиб борилмоқда", - дейилган хабарда.
"Томонларнинг учрашувлари натижаларига кўра, Silk Road Visa кўп марталик туристик виза тўғрисидаги низом ва электрон визани олиши мумкин бўлган давлатларнинг рўйхати келишиб олинди", - дейилади хабарда.
Ҳозир норматив ва техник масалалар ҳал этилмоқда: ахборот тизимларини интеграция қилиш, лойиҳани биргаликда молиялаштириш, ягона консуллик тўловини белгилаш ва лойиҳани амалга оширишга доир ҳукуматлараро битим тузиш.
"Режага мувофиқ бу иш жорий йилнинг охирига қадар якунланади", - дейилади вазирлик хабарида.
Х Х Х
Ўзбекистон, Эрон ва Туркманистон темир йўл ташкилотлари вакиллари видеоконференцияда юк ташишни кўпайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашувда томонлар юк вагонлари ўтишини тезлаштириш ва "Ўзбекистон темир йӯллари" компаниясига тегишли бўш вагонларни Эрондан Ўзбекистонга қайтариш орқали юк ташиш ҳажмини оширишга келишиб олдилар.
Иштирокчилар "Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон" йўлаги (Ашхобод Меморандуми) орқали синов поездлари қатновини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашувда томонлар 2021 йил 21 май куни соғлиқни сақлаш протоколларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон темир йўл ташкилотлари раҳбарларининг учрашуви масаласини муҳокама қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, ўша куни Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамда Ўзбекистон ва Эрон темир йўл ташкилотлари расмийлари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳам бўлиб ўтди.
Х Х Х
Ўзбекистонда масжидлар сони яна биттага кўпайди. Сурхондарё вилояти Узун тумани «Янгиҳаёт» маҳалласида қурилган янги масжид рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан Узун тумани «Янгиҳаёт» маҳалласида қурилган янги «Домулло Маҳмуд» жоме масжиди рўйхатдан ўтказилган. Унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома диний ташкилотга топширилган.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги масжидлар сони биттага кўпайиб, 2089та бўлди. Сурхондарё вилоятидаги масжидлар сони эса 121тага етган.
Х Х Х
Жорий йилнинг 6 май кунидан 7 май кунига ўтар кечаси соат 01:00 лардан 03:30 ларга қадар Андижон вилояти Хонобод шаҳрининг Тейит ва Хидирша МФЙларида кучли сел келиши туфайли 700 га яқин хонадонлар зарарланган.
ЙҲХБ маълумотларига кўра, ёғингарчилик сабабли Қирғиз ариқ каналининг тошиши оқибатида бир оиланинг 2 нафар вояга етмаган 2013 ва 2018 йилда туғилган фарзандлари селда оқиб кетиши сабабли вафот этган.
Ҳозирда табиий офатни бартараф этиш учун Андижон вилояти ИИБ ЙХХБ ходимлари томонидан зарур куч ва воситалар ҳамда махсус техникалар жалб этилган.