Мирзиёев «Россия темир йўллари» раисини қабул қилди
-
Мирзиёев «Россия темир йўллари» раисини қабул қилди
Кеча Шавкат Мирзиёев «Российские железные дороги» компанияси («РЖД» ОАЖ) бош директори – бошқаруви раиси Олег Белозёровни қабул қилди.
Темир йўл алоқалари соҳасидаги Ўзбекистон ва Россия манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон президенти икки мамлакат темир йўл маъмуриятлари ўртасида, шу жумладан халқаро тармоқ тузилмалари доирасида анъанавий яқин ва сермаҳсул ишбилармонлик алоқалари қарор топганини мамнуният билан қайд этган деб хабар қилган Кун сайти..
«Пандемия шароитида, кенг ривожланган ва ўзаро интеграциялашган транспорт коммуникациялари, энг аввало темир йўллар коронавирус оқибатларига муваффақиятли қарши курашиш ҳамда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал суръатини сақлаб қолишга хизмат қилгани таъкидланди.
Амалий шерикликни кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда темир йўллар тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш, юк ташишлар ҳажмини кўпайтириш учун қулай шароитларни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташиш механизмларини йўлга қўйиш, йўловчи поездларининг қатновини қайта тиклаш ва юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди», – дейилади расмий хабарда.
Учрашувда халқаро молиявий институтларни жалб қилган ҳолда «Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш масаласи ҳам кўриб чиқилди.