Шавкат Мирзиёев Самарқандда Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди
(last modified Fri, 07 Oct 2016 13:44:40 GMT )
октябр 07, 2016 18:44 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Самарқандда Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди

Шавкат Мирзиёев Самарқандда Александр Лукашенко билан учрашув ўтказди

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 6 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди. Шундан сўнг олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди. Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг учрашуви бўлиб ўтди.

Беларусь Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий иқтисодий шерик сифатида қарайди. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар дўстлик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида 2008–2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва унинг ижросига қаратилган дастур изчил амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида ташриф буюргани учун Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкога миннатдорлик билдирди. Икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатлари бундан кейин ҳам изчил давом этишини, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов бутун фаолиятини ўз халқи, Ватани равнақига бағишлагани, бугун Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланган, тинч ва барқарор давлатга айланганини қайд этди. Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Шу билан Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи ниҳоясига етди.

 

Ёрлиқ