Ўзбекистон президенти Қозоғистон парламенти Сенати раисини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев кеча мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган Қозоғистон парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаевни қабул қилди.
Ўзбекистон президенти олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугун юксак даражага чиққанини мамнуният билан қайд этди.
Сенат раиси Маулен Ашимбаев, ўз навбатида, Ўзбекистон етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, пандемия оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш мақсадида ҳукуматлар, ҳудудлар ва тадбиркорлар даражасида фаол алмашинувлар давом этмоқда. 2021 йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди. Машинасозлик, тўқимачилик саноати, транспорт, туризм ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида йирик кооперация лойиҳалари тайёрланмоқда ва амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар соҳадаги дастурлар қайта тикланди.