Жаҳон банки Ўзбекистонга 100 миллион доллар ажратади
Ўзбекистон жанубий вилоятларидаги шаҳарлар Жаҳон банки кўмаги билан ўз хизматлари ва инфратузилмасини яхшиланиши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг икки жанубий вилоятидаги шаҳарлар «Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ўз хизматлари ва инфратузилмаларини яхшилаши мумкин. Жаҳон банки директорлар кенгаши лойиҳанинг ушбу компонентини амалга ошириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ ажратишни тасдиқлади. Жаҳон банки гуруҳи аъзоси бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади деб хабар қилган Кун сайти.
Қўшимча молиялаштириш Жаҳон банки молиявий кўмаги билан 2019 йилдан буён Бухоро (Когон шаҳри), Наманган (Чортоқ шаҳри), Тошкент (Янгийўл ва Пскент шаҳарлари) вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳанинг географик кўламини кенгайтиради.
Лойиҳа янги компоненти бўйича тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг алоҳида ўрта шаҳарларини қамраб олади. Мамлакат ушбу қисмидан лойиҳада иштирок этадиган шаҳарлар якуний рўйхати вилоят ва шаҳар ижро ҳокимиятлари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг кейинги 6 ой ичида тасдиқланиши режалаштирилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади.
Ушбу икки вилоятда лойиҳада иштирок этадиган ўрта шаҳарлар махсус инвестицион ривожланиш дастурларини амалга оширишни молиялаштириш учун маблағ олади. Улар таркибига шаҳар инфратузилмаси ва тегишли хизматларни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар киради.