Шавкат Мирзиёев БАА ҳукумат ишлари бўйича вазирини қабул қилди
-
Шавкат Мирзиёев БАА ҳукумат ишлари бўйича вазирини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Мирзиёев ва Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий учрашувида, Ўзбекистон ва БАА муносабатларини яна-да кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатларимизнинг ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигида эришилган бугунги даражани юқори баҳолади.
Муҳаммад ал-Гаргавий, ўз навбатида, давлатимиз раҳбарига БАА президенти Шайх Халифа Ол Наҳаён, Абу-Даби амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда муқобил энергетикани ривожлантириш ва энергетика объектларини модернизация қилиш, замонавий агросаноат кластерларини ташкил этиш, тадбиркорликка оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун инвестиция компанияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар ҳамда қатор муҳим ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини ошириш ва малакали мутахассислар тайёрлаш, бугун Тошкент шаҳрида очилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар акселератори офисининг фаолиятини ташкил этиш борасида биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳим экани таъкидланди.