Ўзбекистон фуқаролигини олишни соддалаштирувчи қонун имзоланди
Ўзбекистон президенти бу мамлакат фуқаролигини олишни соддалаштирувчи қонунни имзолади. 2005 йилгача мамлакатга келган, шунингдек, мамлакатда 15 йилдан бери муқим истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролари деб тан олиниши мумкин
Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолаганини Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар қилган.
Ўзгартиришга кўра:
2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда;
Ўзбекистонда камида 15 йил доимий истиқомат қилган ва шу давр мобайнида чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахслар;
ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.
Қонунга кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин. деб хабар қилган Газета.уз.
Шунингдек, қонунга «идентификацияловчи ID-картаси» тушунчаси ҳам киритилди.
Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган шахсларга:
ички ишлар органи томонидан — Ўзбекистон фуқаросининг идентификация картаси (ID-карта) ёки Ўзбекистон фуқаролиги мавжудлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
консуллик муассасаси томонидан — чет элга чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросининг биометрик паспорти ёки Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат берилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилиниши белгиланди.
Мазкур қонун матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан, 15 июндан кучга киради.