Жаҳон банки Ўзбекистон учун 60 млн доллар ажратади
Жаҳон банки маблағлари Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этилади
Жаҳон банки (ЖБ) Ижрочи директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг (ДСҚ) операцион самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ҳамда мамлакат солиқ тўловчиларига янада сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа маъқулланганини Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Лойиҳа 60 миллион долла миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига амалга оширилади. Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси ушбу маблағни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.
“Ҳукумат мамлакатдаги бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тизимидаги ислоҳотларга устувор аҳамият бермоқда. Янги лойиҳа Давлат солиқ қўмитасининг фаолиятини солиқ тўловчилар манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришга ёрдам беради”, — дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.