Самарқандда коронавирус беморларини даволаш маркази яна иш бошлади
-
Самарқандда коронавирус беморларини даволаш маркази яна иш бошлади
Коронавирусга чалинанларни даволаш, уларга тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги тақсимлаш маркази яна иш бошлади.
Спорт мажмуасидаги 1000 ўринли даволаш маркази ўтган йил август ойида ташкил этилган ва касалланиш кўрсаткичлари камайиши билан ёпилган эди.
“Шу пайтгача коронавиурс- COVID-19 инфекцияси аниқланган беморлар Самарқанд шаҳридаги 340 ўринли иккита махсус шифохонада даволанаётган эди. Аммо бугунги кунда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли марказни қайта очишга тўғри келди. Бу ерда вилоятнинг турли ҳудудларидан келтирилаётган беморларни даволаш учун барча зарур тиббий жиҳозлар мавжуд, дори воситалари захираси яратилган”, - дейди даволаш ва тақсимлаш маркази раҳбари, Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Аҳмаджон Бобожонов. Унинг сўзларидан ЎзА мисол келтирган.
Ҳозирда 100 нафарга яқин малакали тиббиёт ходимлари марказда ишлашга жалб қилинган. Касаллик белгилари ва асоратлари бир хил эмас, ўзгариб турибди. Айни пайтда коронавирус юқтирган беморларда асосан, ҳолсизлик, бўғимлар оғриғи, диарея кузатилмоқда. Ўтган йил беморларда дастлабки босқичда ўпкада зарарланиш кузатилган бўлса, ҳозир касалликнинг беш-олтинчи кунидан бу хавф юзага келяпти.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Самарқанд вилоятида 18 ёшдан ошган аҳолини оммавий эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда.