Ўзбекистон: Германияга Кобулдаги фуқароларини эвакуация қилишда ёрдам кўрсатамиз
Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқотида Ўзбекистонни Германияга Кобулдаги фуқароларини эвакуация қилишда ёрдам кўрсатишини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 август куни Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди деб хабар қилди Кун сайти..
«Кўп қиррали Ўзбекистон ва Германия муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мамлакатдаги ҳарбий-сиёсий кескинликнинг кучайиши минтақавий ва халқаро хавфсизлик ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин экани таъкидланди.
Афғонистондан Германия фуқароларини эвакуация қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ҳам давом эттирилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 15 август куни толиблар Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрига киргач, Ғарб давлатлари ўз элчихоналари ходимларини эвакуация қилишга киришди.