Бугун Тошкентда Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши якунланади
1-4 сентябр кунлари Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (IsDB) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилмоқда.
Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи 57 мамлакатдан вазирлар ва расмийлар, шунингдек, 2000 дан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари бевосита ва онлайн тарзда қатнашмоқда деб хабар қилган Кун сайти..
Учрашувнинг асосий мавзуси — ИТБга аъзо мамлакатларнинг пандемиядан кейин ижтимоий ва иқтисодий тикланиши.
Асосий тадбирлардан ташқари, иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, ислом молияси мавзуларида қўшимча учрашувлар ўтказилади.
ИТБнинг Тошкентдаги йиғилиши пандемия бошланганидан буён халқаро миқёсдаги биринчи йирик офлайн тадбир ҳисобланади.
«Банк ташкил этилганидан буён кўп томонлама ҳамкорлик Банк миссиясининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам, Ислом мамлакатлари ва умуман халқаро ҳамжамият олдида миллионлаб одамларнинг иқтисодий ривожланиш афзалликларидан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қиладиган мураккаб глобал муаммолар турибди. Бу йилги йиллик йиғилиш банк аъзо мамлакатларига ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун умумий кун тартибини ишлаб чиқиш учун имконият яратади», деди Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон Ал-Жассер.
Шу кунгача ИТБ Ўзбекистонда турли соҳаларда 100 дан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.