Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегарасининг 94 фоизи делимитация қилинди
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг 94 фоиздан зиёди делимитация ва демаркация комиссияси томонидан келишиб олинди
Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ибрагим Жунусов сўзларига кўра, ҳозирда давлат чегарасининг қолган 6 фоизини делимитация қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг давлат чегараси узунлиги 1,38 минг километрни ташкил этади. Ўзбекистонга тегишли бўлган 4 та эксклавлар Қирғизистон ҳудудида жойлашган.
Шунингдек 22 сентябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Қирғизистонга расмий ташрифи доирасида Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров билан учрашди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари учрашувида, томонлар икки мамлакат минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик, чегара ҳудудларининг маҳаллий муниципал Кенгашларининг самарали алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган икки томонлама парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва икки мамлакат аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида яқин маданий-гуманитар алоқалар ва мулоқот учун барча зарур қулай шарт-шароитлар яратишнинг муҳимлигини таъкидлаган.