Уюшган жиноятчилик даражаси бўйича давлатлар рейтинги: Ўзбекистон 90-ӯринда
Уюшган жиноятчилик даражаси бўйича давлатларнинг навбатдаги рейтинги эълон қилинди. Ушбу рейтинг Global Initiative against Transnational Organized Crime ташкилоти томонидан тузилади.
Рейтинг муаллифлари давлатларни 3 мезон бўйича баҳолашган:
криминал бозорларнинг кўлами ва таъсири;
жиноятчиликнинг 4 тури (мафия, жиноий тармоқлар, давлат органларига кириб олган жиноий тузилмалар ва хорижий жиноий тузилмалар) структураси ва таъсири;
давлатларнинг уюшган жиноятчиликка бардошлилиги.
Давлатлар ҳар бир мезон бўйича 1 дан 10 баллгача баҳоланган, бунда 1 балл паст даражадаги жиноятчилик, ҳукуматнинг жиноий доираларга қаршилик кўрсатишга юқори тайёргарлигини англатади.
Рейтингда 193 та давлатдан 1-ўринни Конго Демократик Республикаси эгаллаган (7,75 балл). 2-ўринга Колумбия (7,66), 3-ўринга эса Мьянма (7,59) қўйилган. Шунингдек, антирейтингнинг юқори ўнталигига Мексика, Нигерия, Эрон, Афғонистон, Ироқ, МАР ва Ҳондурас кирган.
Ўзбекистон рўйхатда 4,96 балл билан 90-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон 62-ўринни (5,61), Қирғизистон 72-ўринни (5,33), Туркманистон 113-ўринни (4,61) ва Қозоғистон 133-ўринни (4,26) эгаллаган.
Уюшган жиноятчилик энг паст даражада бўлган давлат сифатида Тинч океанидаги Тувалу давлати эътироф этилган. У 1,54 балл билан рейтингнинг охирги позициясидан жой олган.