Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкориги бўйича " Йўл харитаси" ишлаб чиқилади
Кеча Москва шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) кенгаши раиси Михаил Мясникович билан учрашди.
Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорлиги доирасидаги муносабатлар ҳозирги ҳолати ва вазифаларни ҳал этиш механизмлари кўриб чиқилганини Кун сайти хабар қилди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш, савдо тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштириш, санитария, фитосанитария ва ветеринария соҳасида меъёр ва стандартларни такомиллаштириш, транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, технологиялар билан алмашиш ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш долзарблиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш мақсадида ЕИК билан ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқишга келишилди. Унда савдо, саноат, божхона ва солиқ маъмуриятчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартлари, энергетика, фармацевтика, меҳнат миграцияси ва бошқа соҳаларда ЕИК тегишли бўлинмалари ҳамда мамлакат вазирликлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорлик чора-тадбирлари акс этади.
Шунингдек, томонлар ЕОИИга аъзо мамлакатлар инвесторларини саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб этиш бўйича биргаликда иш олиб боришга келишиб олди.