Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва бу мамлакат президентига таъзия йўллади.
Шавкат Мирзиёевнинг мактубида қардош Қозоғистон ҳудудидаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда оғир жароҳатлар олгани, кўрилган катта талафотлар муносабати билан президент Қосим-Жўмарт Тўқаевга ва дўст Қозоғистон халқига чуқур таъзия изҳор этилган деб хабар қилган Кун сайти.
“Давлатимиз раҳбари ватан осойишталиги ва мамлакат халқининг ҳимояси йўлида қурбон бўлган фидойи фарзандларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тилаган”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўз ихтиёри билан Хавфсизлик кенгаши раҳбарлигидан кетишга қарор қилгани маълум бўлганди.
Элбоши матбуот котибининг сўзларига кўра, Назарбоев «тартибсизликлар ва террор мамлакат раҳбариятидан оперативлик, қатъият ва муросасизлик билан жавоб қайтарилишини талаб этишини яхши англаган».